Абадиятга дахлдор сиймо

preview_player
Показать описание
Пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида бобокалонимиз Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан адабий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Кўркам хиёбон байрамона безатилган. Алишер Навоий ҳайкали пойида давлат ва жамоат арбоблари, шоир ва ёзувчилар, адабиётшунослар, талаба ва ўқувчилар, ижодий ташкилотлар ва кенг жамоатчилик вакиллари жам. Уларнинг руҳу кайфиятида байрамона шукуҳ ҳукм суради.
Хиёбонда Алишер Навоий ижодига оид китоблар кўргазмаси, бадиий адабиётлар ярмаркаси ташкил этилган. Майдонда ўрнатилган мониторларда мутафаккир шоирнинг ҳаёти ва ижодига оид видеороликлар, ғазаллари ва ҳикматли сўзларидан намуналар намойиш этилади.
Буюк шоир ғазаллари билан айтиладиган мумтоз ашулалар ва мақом куйлари янграб турибди.
Бугунги кунда Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини ўрганишга бўлган эътибор тубдан ўзгарди. Президентимиз ташаббуси ва ғояси асосида улуғ мутафаккир номи билан юритилувчи миллий боғнинг суврату сийрати тубдан янгиланиб, Адиблар хиёбони барпо этилди.
Мамлакатимиздаги кўплаб қишлоқ ва маҳаллалар, маданий-маърифий масканлар, кўча ва хиёбонларга Алишер Навоий номи берилган. Ҳар йили мамлакатимизда 9 февраль куни буюк шоир таваллуд топган сана сифатида кенг нишонланмоқда.
Жорий йилда Алишер Навоий таваллуд топганига 580 йил тўлди. Президентимизнинг 2020 йил 19 октябрдаги қарорига мувофиқ, ушбу қутлуғ сана бутун мамлакатимиз бўйлаб кўтаринки руҳда кенг нишонланмоқда.
Тадбирда сўзга чиққанлар халқимизнинг фахру ифтихори, мутафаккир Алишер Навоийнинг шоҳ байтлари, неча асрларки, шеърият, адабиёт ихлосмандларининг эътибору эъзозида эканини таъкидлади. Зеро, Навоий бобомизнинг ҳар мисра, ҳар байтида инсонийлик, эзгулик, бағрикенглик, саховатпешалик, улуғворлик каби фазилатлар ҳақида сўз очилади, бундай сифатли инсонлар улуғланади, улардан ўрнак, ибрат олишга даъват этилади. Шоир пандлари эскирмайди, ўгитлари барча даврларга хос.
Жаҳондаги нуфузли кутубхоналарда шоирнинг қўлёзма асарлари сақланмоқда. Қатор хорижий мамлакатларда бобомиз ҳайкаллари қад ростлаган. Шоирнинг замон ва сарҳад билмас адабий мероси дунё миқёсида катта қизиқиш билан ўрганилмоқда, кўплаб тилларга таржима қилинмоқда. Бу асрлар оша улуғланиб келинаётган буюк даҳога ҳурмат-эҳтиромнинг абадиятга дахлдорлигини ифодалайди.
Тадбирда хорижлик навоийшунос олимларнинг масофадан тадбир иштирокчиларига йўллаган видео-табрикларида ҳам бу алоҳида таъкидланди. Жумладан, эронлик навоийшунос, “Дўстлик” ордени соҳиби Муҳаммадзода Ҳусайн Сиддиқ Навоий асарлари бутун дунёда бўлгани каби Эронда ҳам катта қизиқиш билан ўрганилишини таъкидлаб, соҳага доир тадқиқотлари, меҳнату изланишлари юксак қадрлангани учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевдан ғоят миннатдор эканини билдирди.
Туркиялик олим Ўрхан Куртўғли Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгаши доирасида Алишер Навоий номидаги мукофотни таъсис этиш борасидаги ташаббусларга юксак баҳо бериши баробарида Ўзбекистонда маънавий-маърифий жабҳалардаги жадал ислоҳотлар ҳазрат Навоий улуғлаган эзгу ғояларга ҳамоҳанг эканини алоҳида эътироф этди.
Озарбайжонлик навоийшунос олим Ромиз Асқар ҳазрат Навоий барча жанрларда юксак маҳорат билан, ҳам мукаммал, кўп ва хўб, самарали ижод этган сўз санъаткори эканини эътироф этган бўлса, болгариялик ёзувчи ва таржимон Мария Филиппова-Ҳожи ўзбекистонликларнинг ғоят бой миллат экани, бу хазина буюк мутафаккирнинг адабий меросида ҳам ўз ифодасини топганини самимият ва ҳавас билан сўзлади.
Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таржимон Хуррам Раҳимов Алишер Навоий ғазалларининг чет тиллар, хусусан, немис тилига қилинган таржималари ҳақида гапириб, шоир ғазалларидан бирини немис тилида ўқиб берди.
Ўзбекистон халқ артисти Афзал Рафиқовнинг ҳазрат Навоий асарларидан намуналар ўқиши, Ўзбекистон халқ артисти Муножат Йўлчиеванинг буюк шоир ғазали асосида куйлаган ашуласи тадбирга ўзгача файз бағишлади.
Тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчилари Хайриддин Султонов, Абдужаббор Абдувоҳидов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Беҳзод Мусаев иштирок этди.
Рекомендации по теме