filmov
tv
КАДАСТР ҚИЛГАН ХАТО ЁХУД ФУҚАРОНИНГ СУДЬЯ ТОМОНИДАН ТОПТАЛГАН ҲУҚУҚЛАРИНИ КИМ ТИКЛАЙДИ?

Показать описание
Яъни, 2017 йил 2 май куни аслида мавжуд бўлмаган уй учун 250 млн сўм тўловни амалга оширган. Лекин Атаев билан савдолашган уйнинг эгаси (аслида ҳеч қанақа уйнинг ўзи йўқ) келиб чиқиши қашқадарёлик бўлган 1946 йилда туғилган ҳамда Самарқанд шаҳри Зебинисобегим кўчасида яшаган С.Сайдалиева 2017 йил 27 май куни бандаликни бажо келтиради...
Нима учун уй йўқ?
Можароли уй Самарқанд шаҳри Зарафшон шох кўчаси 3 йўлак 55 хонадон сифатида белгиланган (3 йўлак 55 хонадон деган жойнинг ўзи йўқ). Кондитер ва тирикотаж цехи (нотурар жой) сифатида рўйхатдан ўтган. 2016 йил октябрь ойларида ҳаракатни бошлаган Атаевлар оиласи дастлаб, нотурар жойни турар жойга айлантириш қийин эканлигини англаб, уни сотиб олиш режасидан воз кечади.
Лекин уй эгаси Сайдалиеванинг қизи Н.Санаханова Кондитер ва тирикотаж цехи сифатида рўйхатдан ўтган жойни турар жой сифатида тасдиқлатиб бермоқчи эканлигини айтиб, Атаевларни бу фикридан қайтаради. 2016 йил 15 декабрь куни Самарарқанд шаҳар ҳокими А.Шукуровнинг 1843—Қ сонли Қарори билан юқоридаги обеъкт нотурар жойдан турар жойга расман ўтказилади.
Уй эгасининг қизи Санаханова 2016 йил декабрда имзоланган ҳокимнинг қарорини ўша йилнинг февраль—март ойларида Э.Атаев оиласига тақдим қилади. Ҳоким қарорини қўлига олгач, ишончи ортиб кетган Атаевлар 2017 йил 2 май куни ушбу жой учун Сайдалиевага 250 млн сўм миқдорида пул беради.
Сайдалиева пулни олганлиги ҳақида холис гувоҳлар билан биргаликда тилхат ёзади (ҳозир ҳам мавжуд). Атаевлар оиласи ҳоким қарорини Кадастр орқали тасдиқлатиш мақсадида 2017 йил 16 май куни Самарқанд вилояти Кадастр ходимларини янги сотиб олинган бинога олиб боради. Бироқ, улар ўша жойда ғалати воқеанинг гувоҳи бўлишади. Яъни, кадастр ходимлари ва Атаевларни кўрган қўшни аёл бу жой умуман бошқа шахсники эканлигини, манзил эса Самарқанд шаҳри эмас, Самарқанд тумани Қозиариқ маҳалласи эканлигини таъкидлайди.
Атаевлар оиласи ҳолатдан ёқасини ушлаганича, уйни сотган Сайдалиеванинг хонадонига боради. Аммо Сайдалиева ҳеч нарсани билмасликка олади. Сўнгра, 2017 йил 24 майда Э.Атаевнинг рафиқаси М.Атаева ўша уй ҳақиқатан ҳам бор ёки йўқлигига ойдинлик киритиш мақсадида Самарқанд шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонаси бошлиғи И.Файзиевга мурожаат қилади. Файзиев эса 2017 йил 26 май куни ҳудуд жойига чиқмай туриб, йўқ объектни бор дея хулоса беради...
Орадан бир кун ўтиб, 2017 йил 27 май куни С.Сайдалиева оламдан ўтади. Жаноза маросимида Имом—хатиб марҳуманинг вафотидан олдинги қарзлари ким томонидан тўланишини сўраганида, бу ваколатни Сайдалиеванинг икки ўғли И.Шомуродов ва Ж.Шомуродовлар ўз бўйниларига олади!
Шаҳар ҳокимининг қарори бекор бўлди. Аммо...
Атаевлар оиласи ўзлари сотиб олган уй нега йўқ бўлиб қолганини суриштиради. Кўп уринишлар натижасида, ҳақиқатнинг юзи очила бошлайди. 2018 йил 21 июнь куни Самарқанд шаҳар ҳокими А.Шукуровнинг 2016 йил 15 декабрь кунги нотурар жойдан турар жойга ўтказиш бўйича қабул қилган 1843—Қ сонли Қарори Самарқанд шаҳар маъмурий суди томонидан бекор қилинади. Энг қизиғи, манзил ҳамон мавҳумлигича қолаверади.
Шундан сўнг, Эркин Атаевни Самарқанд шаҳар ҳокимининг Қарори қандай қабул қилинганлиги қизиқтира бошлайди. Натижада, Самарқанд шаҳар Архитектура ва қурилиш бўлими, Самарқанд шаҳар Санитария—Эпидемиология назорат маркази ҳамда Самарқанд шаҳар кадастр бўлими жойига чиқмай туриб хулоса бериб юборганлиги ортидан ҳоким ушбу Қарорни тасдиқлаб берганлиги аён бўлади. Балки жойига чиқилганида, объект йўқлиги билинарди, ҳоким ҳам қарор чиқармасди, Атаевлар ҳам “чув” тушмасди.
Комментарии